Тушда бирдан ортиқ тилда сўзлай олишнинг сабаблари
Бир неча тилни биладиган инсонлар, ҳатто бирор тилни энди ўрганаётган бўлса ҳам, бир неча тилда туш кўриши мумкин
Уйқу тил ўрганишда биз ўйлаганимиздан кўра кўпроқ рол ўйнаши маълум бўлди. Бу уйқу ҳолатидаги миямиз ҳақида нималарни ошкор қилиши мумкин?
Агар сиз бирдан ортиқ тилда сўзлашсангиз, тушда ҳам уларни аралаштириб юборишингиз мумкин. Аммо инсон мияси қандай қилиб бундай кўп тилли тушлар кўради ва улар реал ҳаётдаги тил малакамизга таъсир қиладими?
Тушдаги тилларини тушуниш
Бир қарашда кўп тилли одамларнинг кундузи турли тилларни аралаштириб гапириши, ҳатто энди бирор тилни ўргана бошлаганлар ҳам тушида ўша тилдан фойдаланиши унчалик ҳайратланарли эмас. Кундузи қайси тилда сўзлашсак, одатда тушга ҳам ўша ўтади. Соқовлар ёки эшитмай қолган одамлар уйғоқликда қандай мулоқот қилса, тушида ҳам шундай қилиши — ишоралар тилидан фойдаланиши ўрганилган.
Кўп тилли тушларга яқиндан эътибор берилса, кўп нарса очилади. Кундалик ишлатиладиган лингвистик парчаларни шунчаки такрорлаш ўрнига, миямиз уларни кундузги ташвишлар, хотиралар ва хавотирлар билан аралаштириб юборади. У ҳатто номаълум, хаёлий тилда бўлиши, туш кўраётган одам реал ҳаётда гувоҳи бўлган, аммо ўзи гапирмайдиган тилда бутун диалогларни яратиши мумкин.
Бизнинг миямиз ҳаётимиз давомида дуч келган сўзларни сўриб олади ва улар турли тилларда аралашиб кетадилар.
Кўпчилигимиз тушимиздаги тилларни маълум бир тарзда, одамлар, жойлар ёки ҳаётимиз босқичлари бўйича гуруҳлаймиз. Масалан, тушда одамлар реал ҳаётда гапирадиган тилда сўзлашиши мумкин, болалик уйи ҳақидаги тушлар одатда болалик тилида бўлади. Тўғри, бундай тартиб доим бўлмаслиги ҳам мумкин, камига кўп тилли тушлар ҳозирча етарлича илмий тадқиқ этилмаган.
Сиз ўз она тилимни анча аввал ўзлаштирганман деб ўйлашингиз мумкин, лекин аслида сиз уни доим такомиллаштириб борасиз. Ҳатто катталар ҳам она тилида ҳар икки кунда битта янги сўзни ўрганади.
«Болалигимизда, айниқса, дастлабки 10 йилда кўплаб янги сўзларни ўрганамиз. Аммо бу такомиллашиш қандай кечишини одатда ўзимиз сезмаймиз», — дейди Йорк университетининг уйқу, тил ва хотира лабораторияларини бошқарадиган психология профессори Гарет Гаскелл.
Польшадаги Силезия университети психолингвистика профессори Данута Габрис-Баркер кўп тилли одамларнинг тушларини таҳлил қилар экан, бундай тушлар чет тилини ўрганишга бўлган «қўрқув ва истаклар»ни, шу жумладан, чет тилини ўрганиш истагини ифодалаши мумкинлигини тахмин қилади.
Бу ғоя уйғоқликда сўзларга ижодий ёндашиш ва масалаларни ҳал этишда ёрдам беришини тасдиқлайди. Аммо, Корома ва бошқалар таъкидлаганидек, бу исботланган ҳақиқат эмас, балки эҳтимолдир.
Менинг кўп тилли тушларим барибир қандай вазифани бажариши сир бўлиб қолмоқда. Аммо тунда миямда кечадиган жараёнларни тушуниш, биргина сўзни ўзлаштириш учун шунча яширин жараёнлар кечиши мени ҳайратга солди. Тушимда бўлмаса ҳам, ушбу мақолани ёзиш пайтида битта янги хорижий сўзни ўргандим.
Бу «hypnopédie» — французчада тушда ўрганиш маъносини англатади. Мен бу ҳақда ундан ўз мақолаларидан бирида фойдаланган бельгиялик тадқиқотчи Коромадан билиб олдим. Мен уни биринчи марта эшитганимдан бери бир неча кеча ўтди. Қизиқ, менинг тунги миям бу сўзни қандай белгилаган ва бошқа сўзлар билан қандай боғлаган экан? Эҳтимол француз, Бельгия, уйқу ва муддат каби сўзлар билан. Энди бу бошқа бир қизиқарли тушнинг бошланиши бўлиши мумкин.
ТАРЖИМА