Тошкентдаги мактабларнинг бири ҳудудида бир аёлнинг мурдаси топилди

Аввалроқ, ижтимоий тармоқда Сергелида бир аёл зўрлаб, ўлдириб кетилгани ҳақида хабарлар тарқалди. Ҳолат юзасидан Бош прокуратура маълумот берди.

Маълум бўлишича, 1 декабрь куни соат 07:30 ларда Тошкент шаҳар Сергели тумани Қўйлиқ-5 мавзесида жойлашган 47-сонли мактаб ҳудудида сирдарёлик 44 ёшли аёлнинг мурдаси топилган.

Суд-тиббиёт экспертизасининг дастлабки маълумотномасига кўра, аёлнинг ўлими “сурункали юрак ишемик касаллиги, кардиосклероз, ўткир юрак қон томир етишмовчилиги, алкоголдан ўткир заҳарланиш, бош юқори ва пастки лаб юмшоқ тўқималарини лат ейишлари, пастки лаб эзилиб йиртилган яраси, юз, тана, қўл ва оёқ соҳалари қонталашмалари ва тери шилинмалари, ички аъзолари тўлақонлиги” натижасида вужудга келганлиги аниқланган.

Ижтимоий тармоқда тарқалган аёлнинг зўрланиш қурбони бўлгани ҳақидаги хабар асоссиз экани маълум бўлган.Ҳозирда мазкур ҳолат юзасидан туман прокуратураси томонидан терговга қадар текширув ҳаракатлари олиб борилмоқда.