Ўзбекистон Республикаси Президент қарори билан Ўзбекистонда онлайн қимор ўйинлари иштирокчиларининг карталаридан трансчегаравий ўтказмалар тақиқланади.
30 ноябрь куни “Рақамли маҳсулотлар (хизматлар) истеъмолчилари ҳуқуқларини ҳимоя қилиш ва рақамли технологиялар воситасида содир этиладиган ҳуқуқбузарликларга қарши курашишни кучайтириш чоралари тўғрисида”ги президент қарори имзоланганди.
Унга кўра, маблағларни олувчи томонидан қимор ўйинлари ташкил этиш ва ўтказиш фаолияти ҳамда капитал ҳаракати операциялари амалга оширилаётгани тўғрисидаги тўлов тизимининг операция коди ёки бошқа идентификаторлар белгилангани ҳақида маълумотлар мавжуд бўлганда, тижорат банклари томонидан банк картаси ёрдамида Ўзбекистон ташқарисида жойлашган маблағларни қабул қилувчига трансчегаравий ўтказиш тақиқланади.
Истиқболли лойиҳалар миллий агентлигининг мурожаатлари асосида Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлиги томонидан қонунга хилоф равишда қимор ўйинларида қатнашиш ҳамда капитал ҳаракати операцияларини амалга ошириш имконини берувчи Интернет тармоғидаги ахборот ресурслари белгиланган тартибда Ўзбекистон қонунчилиги билан тарқатилиши тақиқланган ахборот мавжуд бўлган Интернет тармоғи реестрига киритилади.