Фуқаро С.Н. ўз бошқарувидаги “Cobalt” русумли автотранспорт воситасини бошқариб, жами 23 маротаба тезликни оширганлиги сабабли, Йўл ҳаракати хавфсизлиги бошқармалари томонидан унга нисбатан жами 11,7 млн. сўмлик 23 та маъмурий жарималарни ундириш ҳақида қарорлар қабул қилинган.
Ушбу қарорлар Мажбурий ижро бюроси Амударё туман бўлими иш юритувига келиб тушган ва бўлим томонидан ижро ҳаракатларига киришилган.
Хусусан, ушбу қарорларнинг ижросини таъминлаш мақсадида қарздорга тегишли “Cobalt” русумли автотранспорт воситаси жорий йилнинг 22 ноябрь куни Мажбурий ижро бюроси Амударё туман бўлими ходимлари томонидан тегишли тартибда хатловга олинган.
Бўлим томонидан қоидабузарга хатланган автотранспорт воситаси тегишли тартибда баҳолатилиб, келгусида электрон онлайн-аукцион савдо майдончаси орқали сотилиши, сотувдан тушган пул маблағлари давлат бюджетига ўтказилиши ҳақида тушунтириш ишлари олиб борилган.
Шунинг оқибатида қоидабузар ўзига нисбатан қўлланилган жами 11,7 млн. сўмлик 23 та маъмурий жарималарни автотранспорт воситаси хатланганидан сўнг, тўлиқлигича тўлаган ва ижро ҳужжатлари ижроси амалда таъминланган.
Ҳозирда йўл ҳаракати қоидаларини бузганлик учун қўлланилган маъмурий жарималарни ундириш ишлари давом этмоқда.