Жорий йилнинг июнь ойида Тошкент вилояти Бўка туманида ИИБ томонидан терговга жалб этилган фуқаро вафот этганди. Унинг ўлимидан сўнг воқеага алоқадор бўлган 2 нафар тезкор ходим ҳибсга олиниб, туман ИИБ бошлиғи А. Бобоханов ва бошқа масъул шахслар лавозимидан озод этилганди. Бу ҳақда Тошкент вилояти суди матбуот хизмати ходими Шерзод Худойбердиев маълум қилди.
Гап шундаки, шу йилнинг 4 июнь куни Ички ишлар вазирлиги навбатчилик қисмига келиб тушган хабарга кўра, Тошкент вилояти Бўка тумани ҳудудида фуқаро У.С. бир қатор ўғирлик жиноятларини содир этишда гумонланиб, Жиноят кодексининг 169-моддаси 3-қисми билан қўзғатилган жиноят иши доирасида 3 июнь куни терговга жалб этилган. Юқори Чирчиқ туманида яшовчи 1987 йилда туғилган мазкур шахс ҳимоячиси иштирокида Бўка тумани ИИБ тергов хонасида видеога тўлиқ ёзиб олинган ҳолда сўроқ қилинган.
Гумонланувчи У.С. соат 19:00 да Жиноят-процессуал кодексининг 227-моддаси билан процессуал тартибда ушланган ва Бўка тумани ИИБдаги “Фуқароларни вақтинча сақлаш хонаси”га жойлаштирилган.
Маълум қилинишича, шу куни соат 23:30 ларда гумонланувчи У.С.нинг соғлиғи ёмонлашгани сабабли тез-тиббий ёрдам хизмати чақиртирилиб, кўрсатилган муолажаларга қарамасдан у вафот этган.
Аниқланишича, 3 июнь куни соат тахминан 22:00 ларда гумонланувчи У.С. Бўка тумани Жиноят қидирув бўлимининг тезкор ходимлари томонидан процессуал тартиб бузилган тарзда махсус сўров хонасига эмас, балки хизмат хонасига олиб чиқилиб, у билан бошқа жиноятга алоқадорлиги бўйича суриштирув ўтказилган. Жараёнда фуқаронинг соғлиғи ёмонлашиб, кейинчалик ўлим ҳолати юз берган (Вазирлик томонидан мазкур ҳолат акс этган видео эълон қилинмаган).
Тайинланган бирламчи суд-тиббий экспертизасининг ташхисига кўра, У.С.нинг танасида тан жароҳатлари борлиги аниқланган.
Ҳолат юзасидан Тошкент вилояти прокуратураси томонидан Жиноят кодексининг 235-моддаси 3-қисми билан жиноят иши қўзғатилиб, воқеага алоқадор бўлган 2 нафар тезкор ходимлар – Ж.Д. ва Ғ.Ш.лар ҳибсга олинганди.
Ўрта Чирчиқ тумани судида ушбу ҳолат кўриб чиқилди.
Ҳукмда келтирилишича, фуқаронинг ўлимида 4 нафар ходим айбдор деб топилган. Улар Бўка тумани ИИБ ЖҚБ бошлиғи бўлган 37 ёшли Ж.С., бўлимнинг тезкор вакиллари – 38 ёшли Д.Ж. ҳамда 31 ёшли Ш.Ғ., шунингдек, Бўка тумани ИИБ профилактика инспектори 31 ёшли С. Т.
Бўка тумани ИИБ ЖҚБ бошлиғи бўлган 37 ёшли Ж.С. Жиноят кодексининг 207-моддаси 3-қисми “а” банди, 234-моддаси 1-қисми, 235-моддаси 2-қисми “а,в” бандларида назарда тутилган жиноятларни содир этганликда айбдор деб топилган. Унга нисбатан 7 йил муддатга озодликдан маҳрум қилиш жазоси тайинланган.
38 ёшли Д.Ж. Жиноят кодексининг 234-моддаси 1-қисми ва 235-моддаси 3-қисмида назарда тутилган жиноятларни содир этганликда айбдор деб топилган. Унга 8 йил муддатга озодликдан маҳрум қилиш жазоси тайинланган.
31 ёшли Ш.Ғ. Жиноят кодексининг 234-моддаси 1-қисми ва 235-моддаси 3-қисмида назарда тутилган жиноятларни содир этганликда айбдор деб топилиб, 8 йил муддатга озодликдан маҳрум қилиш жазоси тайинланган.
Бўка тумани ИИБ профилактика инспектори С. Т. Жиноят кодексининг 235-моддаси 2-қисми “а,в” бандларида назарда тутилган жиноятни содир этганликда айбдор деб топилиб, 6 йил муддатга озодликдан маҳрум этилган.
Уларнинг барчаси 3 йил муддатга ички ишлар органлари тизимида ишлаш ҳуқуқидан маҳрум қилинган.