Жорий йил 12 август куни Тошкент халқаро аэропортига олиб борувчи йўл ўтказгич қулаган эди. Ҳолатни ўрганиш учун борган «Zoʻr TV» журналисти ва тасвирчиси қаршиликларга учраб, калтаклангани шов-шувларга сабаб бўлди.
Бугун, Жиноят ишлари бўйича Миробод туман судида “Zoʻr TV” ходимларини калтаклаган шахсга ҳукм ўқилди. Судланувчи Нодир Эшниёзов Жиноят кодексининг 277-моддаси 3-қисми “а” ва “г” бандларида кўрсатилган жиноятни содир этганликда айбдор деб топилиб, унга дастлаб 4 йил муддатга озодликдан маҳрум қилиш жазоси тайинланди. Судланувчига Жиноят кодексининг 72-моддаси қўлланилиб, ҳукмнинг шартлилиги эълон қилинди ва айбдорга 2 йиллик синов муддати белгиланди.
Шунингдек, судланувчидан етказилган зарар учун 23 755 641 сўм маблағ ҳам ундирилди.