Жаҳонда журналистларнинг ўлдирилиши кескин ошди

Халқаро журналистлар федерацияси (International Federation of Journalists, IFJ) 2023 йилда дунё бўйлаб ўз ишини бажариш чоғида ҳалок бўлган оммавий ахборот воситалари ходимлари сонидан чуқур хавотир билдирди. IFJ’нинг 8 декабр, жума куни чоп этилган йиллик ҳисоботида айтилишича, йил бошидан буён дунё бўйлаб 94 нафар журналист ва оммавий ахборот воситалари ходимлари, жумладан, тўққиз нафар аёл ўлдирилган. 

Брюсселда жойлашган ташкилотнинг таъкидлашича, қурбонлар сони ўтган йил шу даврига нисбатан 40 фоиздан кўпроқ ва 2021 йилга нисбатан икки баравар кўп бўлган, ўшанда мос равишда 67 ва 47 нафар оммавий ахборот воситалари ходимлари ҳалок бўлган. 

Исроил-ҲАМАС можароси — охирги 30 йилдаги энг қонли зиддият 

Бу, асосан, Исроилнинг ҲАМАС гуруҳига қарши уруши билан боғлиқ. IFJ маълумотларига кўра, ҳозирги низо ташкилот ўлдирилган оммавий ахборот воситалари ходимларининг реестрини юрита бошлаган 1990 йилдан буён бошқа ҳар қандай тўқнашувга қараганда кўпроқ журналистлар ҳаётига зомин бўлди. 

7 октябр куни ҲАМАСнинг Исроилга ҳужумидан сўнг можарони ёритган 68 журналист ҳалок бўлди — кунига камида бир киши вафот этди ва бу бутун дунё бўйлаб ҳаётдан кўз юмган оммавий ахборот воситалари ходимларининг 72 фоизига тенг. Ҳалок бўлганларнинг катта қисми — Исроил ҳарбий амалиётлари давом этаётган Ғазо секторидаги фаластинлик журналистлар.

Шунингдек, Украина кенг кўламли ҳарбий ҳаракатлар бошланганидан деярли икки йил ўтиб ҳам «журналистлар учун хавфли мамлакат бўлиб қолмоқда», дейилади ҳисоботда. Бу йил Украина, Россия ва Франциядан уч нафар журналист урушни ёритиш чоғида ҳалок бўлди. Журналистларнинг ўлими Афғонистон, Филиппин, Ҳиндистон, Хитой ва Бангладешда ҳам қайд этилган. 

400 га яқин ОАВ ходимлари қамоққа олинган

Бундан ташқари, қамоқдаги ОАВ вакиллари сони 2023 йилда 393 нафарга етди, бу кўплаб мамлакатларда: Россия, Беларус, Хитой, Эрон ва бошқа мамлакатлардаги сиёсий жараёндан дарак беради, деб ёзади IFJ. Бу рўйхат айниқса сўнгги уч йил ичида кенгайди. 

IFJ президенти Доминик Пардале бутун дунё бўйлаб журналистлар ҳимоясини кучайтириш учун «янги глобал стандарт»га чақирди. 

Россия журналистлари уюшмасининг IFJ’га аъзолиги тўхтатилган 

2023 йил февралида Халқаро журналистлар федерацияси Россия журналистлари уюшмасининг аъзолигини тўхтатди. Қарор Россия назорати остидаги Украина ҳудудларида уюшма бўлимлари ташкил этилганидан кейин унинг ҳаракатлари устидан ўтказилган текширувдан сўнг қабул қилинди.

Ўшанда халқаро ташкилот президенти Пардале таъкидлаганидек, Россия уюшмасининг хатти-ҳаракатлари бирдамлик тамойилларини бузади ва профессионал муҳитда низо келтириб чиқаради. Уюшма раҳбари Владимир Соловев IFJ’нинг ўз ташкилоти аъзолигини тўхтатиш ҳақидаги қарорини сиёсий ва асоссиз деб атади. Россия журналистлари уюшмаси 1995 йилдан бери IFJ аъзоси эди.