Тошкентдаги мактабда 8-синф ўқувчиси ток уриб вафот этиши ортидан ушбу мактаб директори ўринбосари қамоққа олинди. Бу ҳақда Бош прокуратура ахборот хизмати раҳбари Ҳаёт Шамсутдинов маълум қилган.
27 ноябрь куни Мирзо Улуғбек туманидаги 99-сонли умумтаълим мактаби 8-синф ўқувчиси А.А. мактаб ҳовлисидаги спорт майдонидан чиқиб кетаётганида тоби қочган ва ҳушидан кетганди.
СТEнинг дастлабки хулосасига кўра, боланинг ўлими электр жароҳати, электр токи ёйидан заҳарланиш, ўткир нафас юрак-қон томир етишмовчилиги, бош мия ва ўпка шиши, чап қўл кафт соҳаси электр тамғаси натижасида юз берган.
Ҳолат юзасидан Жиноят кодексининг 186 (хавфсизлик талабларига жавоб бермайдиган товарларни ўтказиш мақсадини кўзлаб ишлаб чиқариш, сақлаш, ташиш ёхуд ўтказиш, ишлар бажариш ёки хизматлар кўрсатиш) ва 207 (мансабга совуққонлик билан қараш) моддалари билан жиноят иши қўзғатилганди.
Мактабнинг хўжалик ишлари бўйича директор ўринбосарига Жиноят кодексининг 207-моддаси 3-қисми «а» банди ва бошқа моддалари билан айблов эълон қилиниб, қамоққа олиш тарзидаги эҳтиёт чораси қўлланилган.