Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти томонидан эълон қилинган навбатдаги глобал ҳисобот болалар ва ёшлар ўртасида юз бераётган ўлим ҳолатларининг асосий сабаби таҳлилига бағишланди.
Унда қайд этилишича, дунёда ҳар дақиқада икки киши йўл-транспорт ҳодисалари оқибатида ҳаётдан кўз юммоқда.Бу ҳолат 5 ёшдан 29 ёшгача бўлган болалар ва ёшлар ўртасида содир бўлаётган ўлим кўрсаткичларининг асосий омили бўлиб қоляпти.
Таҳлилларга кўра, 2010-2021 йиллар давомида фақат 10 та давлат йўл-транспорт ҳодисаларидан ўлим кўрсаткичларини 50 фоиздан кўпроқ қисқартиришга эришган.
Улар сафида Беларусь, Дания, Япония, Литва, Норвегия, Россия, Бирлашган Араб Амирликлари етакчи. Шунингдек, яна 35 мамлакатда 30-50 фоиз пасайиш тенденцияси кузатилган.
Йўл-транспорт ҳодисаларининг энг кўп сони – 28 фоизи Жануби-Шарқий Осиё, энг ками – 5 фоизи Европа минтақасида қайд этилган. Ҳар 10 ўлим ҳолатидан 9 таси паст ва ўрта даромадли мамлакатларда содир бўлмоқда.
Бу каби ҳалокатлар қурбонларининг 53 фоизи йўл ҳаракатининг «заиф қанташчилари»дир. Улар қуйидагилар:
23 фоизи — пиёдалар;
21 фоизи — икки ёки уч ғилдиракли мотоцикль ҳайдовчилари;
6 фоизи — велосипедчилар;
3 фоизи — электрон скутер каби микромобиль воситалар бошқарувчилари.
Енгил автомашиналар ҳайдовчиларининг ҳалок бўлиши билан боғлиқ ҳодисалар эса бирмунча камайган ва дунёдаги умумий ўлим кўрсаткичининг 30 фоизини ташкил этмоқда.