Ўзбекистонда кимлар коммунал тўлови учун давлатдан компенсация олиши мумкин?

Пенсия жамғармаси уй-жой-коммунал хизматлар ҳақини тўлаш учун компенсация пули давлат томонидан кимларга берилишини эслатиб ўтди.

Молия вазирлигининг 2010 йилдаги буйруғи билан тасдиқланган низомга мувофиқ, қуйидаги шахслар пенсияни ҳисоблаш базавий миқдорининг 45 фоизи ҳисобида (372 минг сўм) ойлик компенсация пул тўловларини олади:

  • 1941 – 1945 йиллардаги уруш оқибатида ногиронлиги бўлган шахслар ва унинг қатнашчиларига тенглаштирилганлар;
  • ўзгалар парваришига муҳтож ёлғиз пенсия ёки нафақа олувчилар;
  • Совет Иттифоқи қаҳрамонлари, социалистик меҳнат қаҳрамонлари ва “Слава” орденининг учала даражаси билан мукофотланган шахслар;
  • фашист конслагерларининг собиқ вояга етмаган маҳбуслари;
  • Ленинград шаҳри қамали даврида ишлаган фуқаролар;
  • кўриш қобилияти бўйича I гуруҳ ногиронлиги бўлган шахслар;
  • Чернобиль ҳалокати оқибатида жабрланган фуқаролар;
  • ядро полигонлари ва бошқа радиация-ядро объектларида ҳарбий хизматни ўтаган шахслар.

Шу билан бирга, 100 ёшга тўлган ва ундан ошган пенсия ҳамда нафақа олувчи шахслар учун ҳар ойда пенсияни ҳисоблашнинг базавий миқдорининг 100 фоизи ҳисобида қўшимча тўлов белгиланган.

Жамғарманинг эслатишича, компенсация пули уни олиш ҳуқуқини берувчи ҳужжатни илова қилган ҳолда компенсация тайинлаш тўғрисида ариза топширилган ойдан кейинги ойнинг биринчи кунидан тайинланади.

“Солиқ кодекси”га мувофиқ, уй-жой-коммунал хизматлар ҳақини тўлаш бўйича ҳар ойлик компенсация пул тўловлари жами даромад таркибига киритилмайди ва иш ҳақи (пенсиялар, нафақа) тўланадиган муддатларда тўланади. Бунда, компенсациялар ҳар ойда корхона штатида турган ҳар бир ходимга иш жойида, пенсионерларга ва нафақа оладиган ногиронлиги бўлган болалар ҳамда нафақа оладиган пенсия тайинлаш учун зарур иш стажига эга бўлмаган, меҳнатга қобилиятсиз кекса фуқароларга пенсия (нафақа) олиш жойида тўланади.