Инвестиция вазирлигининг вилоят ва туман бўлимлари тугатилади

Президент раислигида ишлаб чиқаришни янада кенгайтириш ва хизматларни ривожлантириш масалалари юзасидан видеоселектор йиғилиши ўтказилди, дея хабар бермоқда давлат раҳбари матбуот хизмати.

Йиғилишда Шавкат Мирзиёев маҳсулотлар нарх жиҳатдан рақобатбардош бўлиши учун хом ашёни чуқур қайта ишлаб, тайёр сифатли маҳсулотларни кўпайтириш шарт ва зарурлигини таъкидлади.

Ушбу мақсадларни амалга ошириш учун Инвестициялар, саноат ва савдо вазирлигининг ҳозирги тизимини қайта кўриб чиқилади. Вазирликнинг вилоят ва туман бўлимлари тугатилади.

Бўлимларнинг вазифаларига Савдо-саноат палатасининг лойиҳа қиладиган ва экспортга кўмаклашадиган мутахассислари бириктирилади. Экспорт агентлиги ва жамғармаси, «Ўзбекэкспертиза» ташкилоти ҳамда ишлаб чиқариш, саноат зоналари ва экспорт масалалари ҳам палатага ўтказилади.

«Бу орқали лойиҳа қилиш ва экспорт тизими давлатдан тадбиркорлар ўзини-ўзи бошқарадиган ташкилотга ўтказилади. Бу тадбиркорларнинг талаб ва истакларига қулоқ солиш, улар билан яқиндан ҳамкорлик қилиб, муаммоларини ҳал қилиш мақсадида қилинмоқда», — дейилади хабарда.

Шунингдек, ишлаб чиқариш, экспорт ва брендларга бериладиган грант, субсидия ва бошқа имтиёзлар палата орқали эгасига очиқ-ошкора ва шаффоф бериладиган тизим жорий қилиниши режалаштирилмоқда.