Қирғизистон давлат байроғи ўзгарди

Садир Жапаров Қирғизистон байроғини ўзгартириш ҳақидаги қонунни имзолади. Бу ҳақда Спутник Қирғизистон хабар қилди.

20 декабр куни Юқори Кенгаш мазкур ҳужжатни иккинчи ва учинчи ўқишда муҳокамасиз маъқуллади.

Байроқ тасвири туширилган барча турдаги расмий ҳужжатлар амал қилиш муддати тугагунга қадар амал қилади, шунингдек, байроқ тасвирланган давлат рақамлари ва автомашиналарни рўйхатдан ўтказиш гувоҳномалари эса тегишли орган уларни алмаштириш тўғрисида қарор қабул қилгунга қадар амал қилади.

Қирғизистонда янги байроқ кўтарилганда ҳам эски байроқни ҳурмат қилиш талаблари ўз кучида қолади. Бу ҳақда Садир Жапаров кўрсатма берди, деди президент матбуот котиби Аскат Алагозов.

Унга кўра, байроқни ўзгартириш тўғрисидаги қонун “Эркин-Тоо” газетасида (келаси ҳафта сешанба куни эълон қилинади) эълон қилинган кундан бошлаб кучга киради.

«Вазирлар Маҳкамаси Давлат байроғининг техник шартларини тасдиқлаши керак. Бунинг асосида янги байроқ тайёрланади ва бинолардаги байроқлар алмаштирилади», — дея тушунтирди Алагозов.

Бу бироз вақт талаб этади, деди у.