Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилотининг маълум қилишича, 20 ноябрь — 17 декабрь саналари оралиғида дунё бўйича 850 мингдан ортиқ кишига CОVID-19 ташхиси қўйилди. Бу — ундан аввалги 4 ҳафтага нисбатан 52 фоиз юқори кўрсаткич.
Шунингдек, ўтган 28 кун давомида касаллик туфайли 3 мингдан зиёд одам ҳаётдан кўз юмди ва бу борада 8 фоизлик пасайиш тенденцияси қайд этилди.
Ҳисоб-китобларга кўра, мазкур даврда энг кўп хасталаниш ҳолатлари Россияда рўйхатга олинган — 279 359 нафар. Иккинчи ўриндан Сингапур жой олди. Бу ерда 120 898 нафар беморда COVID-19 аниқланди. Италияда — 114 795, Польшада — 39 828, Австралияда — 39 505 нафар киши инфекцияни юқтиргани тасдиқланди.
Умуман, шу кунгача Ер юзида коронавирус билан боғлиқ аниқланган жами ҳолатлар 772 миллиондан ортди. Қарийб 7 миллион бемор касаллик қурбонига айланди.