Исроил Олий суди суд-ҳуқуқ ислоҳоти пакетининг асосий қонунини бекор қилди

Исроил олий суди 1 январ, душанба куни бош вазир Бинямин Нетаняҳу ҳукумати томонидан илгари сурилган мунозарали суд-ҳуқуқ ислоҳотлари пакетидаги асосий қонунни бекор қилди. 15 нафар судядан 8 нафари бекор қилиш учун овоз берди, қолган 7 нафари қарши чиқди.

Гап олий суднинг ҳукумат, бош вазир ёки алоҳида вазирлар томонидан қабул қилинган «асоссиз» қарорларини бекор қилиш ваколатини чекловчи қонун ҳақида бормоқда. Исроил парламенти (Кнессет) уни 2023 йил июл ойида мамлакатдаги оммавий норозилик намойишлари фонида қабул қилган.

Уни бекор қилиш тўғрисидаги қарор Исроил олий суди томонидан ушбу қонун «Исроилнинг демократик давлат сифатидаги асосий хусусиятларига жиддий ва мисли кўрилмаган зарар етказиши» билан изоҳланди.

«Исроилнинг бутун тарихида бирорта ҳам шунга ўхшаш қонун олий суд томонидан бекор қилинмаган. Агар бош вазир Бинямин Нетаняҳунинг ўнг қанот ҳукумати бу қарорга рози бўлмаса, мамлакатда миллий инқироз таҳдиди пайдо бўлади», — дейилади dpa агентлиги хабарида.