Чиқинди йиғиш майдончаларида қайта ишланадиган чиқиндилар сотиб олина бошлайди

Президент Шавкат Мирзиёевнинг 4 январдаги фармони билан 2024 йилдан Ўзбекистонда қаттиқ маиший чиқиндиларни саралаш тизимини босқичма-босқич ташкил этиш лойиҳаси ишга туширилади.

Янги тизим 2024−2026 йилларда Тошкент, Ангрен, Андижон, Бухоро ва Термиз шаҳарлари, шунингдек, Тошкент вилоятидаги кўп қаватли уйлар жойлашган ҳудудлардаги чиқинди йиғиш майдончаларида босқичма-босқич жорий этилади.

Бу ҳудудларда чиқиндиларни чиқинди йиғиш майдончаларида “қайта ишланадиган”, “қайта ишланмайдиган” ва “озиқ-овқат” тоифаларига ажратган ҳолда йиғиш ташкил этилади.

Санитар тозалаш корхоналари 1 июлгача мазкур ҳудудлар фуқароларига QR-кодли, уч турдаги: қайта ишланадиган қаттиқ маиший чиқиндилар учун — рангсиз (шаффоф), қайта ишланмайдиган қаттиқ маиший чиқиндилар учун — қора, озиқ-овқат чиқиндилари учун — жигарранг рангли чиқинди пакетларини бепул тақдим этиши керак бўлади.

Фармон билан, қайта ишланадиган қаттиқ маиший чиқиндилар чиқинди йиғиш майдончаларида санитар тозалаш корхоналари томонидан сотиб олиниши белгиланди.