Божхона органлари пиротехника воситалари билан боғлиқ қонунбузарликлар бартараф этилгани ҳақида ОАВда чиқишлар қилган, Янги йил байрами кечасида эса бундай чоралар кутилган самарани бермаган.
Яқинда нишонланган Янги йил байрами арафасида мамлакатнинг барча ҳудудларида бўлгани каби Тошкент шаҳрида ҳам пиротехника воситаларидан кенг кўламда фойдаланилган. Бу бўйича Божхона қўмитаси раисига сенатор сўрови юборилди, деб хабар бермоқда Олий Мажлис Сенати матбуот хизмати.
Маълум қилинишича, Олий Мажлис Сенатининг Мудофаа ва хавфсизлик масалалари қўмитаси раиси Қ. Бурхонов Ўзбекистон Республикаси Иқтисодиёт ва молия вазирлиги ҳузуридаги Божхона қўмитаси раисига сенатор сўровини юборган.
Унда пиротехника воситалари билан боғлиқ ҳолатлардан, айниқса, кексалар, беморлар, ёш болалар ва бошқа тоифадаги фуқароларнинг байрам кунлари тинчлиги бузилгани, бу ҳолат ижтимоий тармоқларда кўп муҳокама этилиб, фойдаланувчиларнинг божхона органларига эътирозлари баён қилингани айтиб ўтилган.
Шунингдек, сўровда божхона органлари томонидан пиротехника воситалари билан боғлиқ кўплаб қонунбузарликлар бартараф этилгани ҳақида ОАВ орқали чиқишлар қилингани, Янги йил байрами кечасида эса бундай чоралар кутилган самарани бермагани қайд этилган.
Шулардан келиб чиқиб, сенатор Божхона қўмитаси раисидан пиротехника буюмларини қонунга хилоф равишда мамлакатимизга олиб кириш ва олиб чиқиш ёки ўтказиш билан боғлиқ салбий ҳолатлар нима сабабдан тўлиқ бартараф этилмаётгани, мазкур воситаларнинг ноқонуний айланишига қандай омиллар сабаб бўлаётгани юзасидан маълумот тақдим этишини сўраган.
Шу билан бирга, қонунчиликда бу борада қандай бўшлиқлар мавжудлиги, қайд этилган қонунбузарликларни тўлиқ бартараф этиш бўйича божхона органлари томонидан тезкор равишда амалга ошириладиган чоралар ҳақида маълумотлар, шунингдек, Олий Мажлис Сенатига тегишли таклифлар тақдим этиш сўралган.