Бухоро вилояти Қон қуйиш маркази ходимлари томонидан донор қонларнинг лаборатория текширув натижалари ўрганилмай туриб, беморларга қуйилгани аниқланган.
Маълумотларга кўра, ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органларга келган мурожаатдан сўнг, Бухоро вилоят Қон қуйиш марказида юқумли касалликларнинг тарқалишига шарт-шароит яратиб бераётган шахсларни аниқлаш бўйича тезкор тадбир ўтказилган.
«Текширув жараёнида плазмоферез ва тромбомасса учун қон топширган 306 нафар донор ўрганилганда, 186 нафарига қоннинг шаклли элементлари (тромбасит, лейкоцит, базофил) ўзларига қайтиб қуйилиши лозим бўлса-да, бу қонлар қуйилмагани ва хусусий клиникаларга сотиб юборилгани аниқланган. Айни пайтда Бухоро вилояти прокуратураси томонидан гумонланувчиларга нисбатан жиноят иши қўзғатилган», – дейилади хабарда.