ИИВ Киберхавфсизлик маркази хабар беришича, Тошкент шаҳар Миробод туманида яшовчи 61 ёшли Ш.О. мурожаат қилиб, уларнинг номига номаълум сабабларга кўра онлайн кредит расмийлаштирилгани маълум қилган.
Тезкор-қидирув хизмати Киберхавфсизлик бўлинмалари ходимлари томонидан ўтказилган тезкор-қидирув тадбирлари натижасида, мазкур жиноятни Тошкент шаҳри, Яккасарой туманида яшовчи 39 ёшли С.А. содир этгани аниқланди.
Унга кўра, С.А., Ш.О.га СМС-хабарнома (сохта ҳавола) юбориш орқали шахсий маълумотларини қўлга киритиб, уларнинг номидан мобил илова орқали рўйхатдан ўтиб, онлайн тарзда 30 миллион сўм онлайн кредит расмийлаштириб, ўша вақтнинг ўзида мазкур пулларни ўзининг фойдаланувида бўлган банк пластик картасига ўтказиб олган.
Ҳолат юзасидан Жиноят кодексининг 169-моддаси 3-қисми «б» банди (5 йилдан 8 йилгача озодликдан маҳрум қилиш жазоси назарда тутилган) билан жиноят иши қўзғатилиб, С.А.нинг содир этилиб фош этилмай қолган бошқа шу турдаги жиноятларга алоқадорлигини текшириш юзасидан тезкор-суриштирув ишлари олиб борилмоқда.