Тошкентда жиноий гуруҳнинг икки аъзоси ушланди. Қидирувдаги яна бирини топишда кўмак сўралмоқда

Тошкент шаҳар ИИББ ҳузуридаги Тергов бошқармаси томонидан Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 165-моддаси (“Товламачилик”) билан тергов қилинаётган жиноят иши доирасида бир гуруҳ  шахслар жиноят содир этганликда гумонланиб ушланди.  Бу ҳақда шаҳар ИИББ хабар берди. 

1976 йилда туғилган Юлдашев Хайрулла Хабибуллаевич (Жиноят кодексининг 165-моддаси 3-қисми “жуда кўп миқдорда товламачилик”), 1987 йилда туғилган Мирзахмедов Улуғбек Темурович (Жиноят кодексининг 165-моддаси 3-қисми “жуда кўп миқдорда товламачилик”) гумон қилинмоқда. Ҳозирда уларга нисбатан қамоққа олиш тарзидаги эҳтиёт чораси қўлланган.

Шунингдек, мазкур жиноят иши доирасида терговдан қочиб яширинган 1981 йилда туғилган Бадалбаев Ровшан Рахимович (Жиноят кодексининг 165-моддаси 3-қисми “жуда кўп миқдорда товламачилик”) қидирилмоқда.

Унга нисбатан сиртдан қамоққа олиш тарзидаги эҳтиёт чораси қўлланган. Тергов давом этмоқда.

«Ҳурматли фуқаролар агар Сиз ушбу шахслардан ёки гуруҳ аъзоларидан жабр кўрган бўлсангиз ёки ушбу шахснинг жиноий хатти-ҳаракатлари бўйича, шунингдек, қидирувдаги шахснинг қаерда эканлиги ҳақида бирор маълумотга эга бўлсангиз Тошкент шаҳар ИИББнинг 71-206-45-69, 71-206-49-46 ёки 102 рақамларига ёхуд 99-370-73-94 телеграм рақамига мурожаат қилишингизни сўраймиз. Мурожаатчининг шахси сир сақланиши кафолатланади», дейилади ИИББ эълонида.