Йўловчиларга кўрсатилаётган хизмат сифатини ошириш ҳамда автобус ҳайдовчиларининг белгиланган тартиб асосида фаолият юритишини назорат қилиш мақсадида, «Тошшаҳартрансхизмат» АЖнинг 8 та автобус саройи филиалида «Ҳаракат хавфсизлигини назорат қилиш бўлими» ташкил этилган.
Корхона ахборот хизмати берган хабарга кўра, бугун ҳаракат хавфсизлигини назорат қилувчи ходимларга ўз хизмат фаолиятини тезкор ва хавфсиз олиб бориши, автобуслар ҳаракатини назорат қилиши ҳамда жамоат транспорти ҳаракатига тўсқинлик қилувчи омилларни аниқлаб, уларни бартараф қилиш чораларини кўришлари учун махсус маёқчали хизмат автомашиналари топширилди. Шунингдек, назоратчилар нур қайтарувчи нимча, фавқулодда ҳолатни англатувчи белги ҳамда жезл (таёқча) билан таъминланди.
Таъкидланишича, мазкур автомашинада хизмат кўрсатувчи ходимлар фақатгина автобуслар ҳаракатини назорат қилиши кўзда тутилган.