Ички ишлар вазирлиги тайёрлаган қонун лойиҳасига кўра, ID-картани қасддан ёки эҳтиётсизлик оқибатида йўқотганлар учун базавий ҳисоблаш миқдорининг 2 баравари (амалда ярим баравар) миқдорида жарима белгиланмоқда.
Шунингдек, ID-картани вақтида олмаганлар учун ҳам БҲМнинг бир баравари (амалда ярим баравар) миқдорида жарима қўлланилади. Миграция ва фуқароликни расмийлаштириш бўлимлари бошлиқларига фуқароларни жаримага тортиш ваколати бериляпти.
Бундан ташқари, 18 ёшгача бўлган, 60 ёшдан ошган, тўлиқ давлат таъминотидаги, табиий, техноген ва маиший фавқулодда ҳолатларда фуқаролар жавобгарликдан озод этиляпти.
Депутатлардан эътироз
Ушбу қонун лойиҳасига депутат Ўктам Исломов эътироз билдириб, қасддан йўқотиш ва эҳтиётсизлик билан йўқотиш орасидаги фарқни айтган. Унинг таклифига кўра, ҳар иккаласини алоҳида кўрсатиб, жавобгарликни ҳам шунга қараб енгиллаштириш керак.
Депутат Дониёр Ғаниев эса ID-картани ҳар бир фуқаро ўз пулига сотиб олиши, лекин йўқолса, ҳам жарима тўлаши, ҳам қайта тиклашга яна пул тўлаши ноҳақлик эканини билдирди.
Қонун лойиҳаси айтилган таклифлар ва саволларни инобатга олиб, тузатиш шарти билан биринчи ўқишда қабул қилинди.