Дунёнинг энг бой инсонлари пулларини шахсий ороллар сотиб олиш ва “қора кунлар”га атаб, ўзига бункер қуришга сарфлаяпти. Бу ҳақда “Heber global” нашри хабар берди.
Унга кўра, машҳур миллиардерлар ядровий уруш ҳақидаги ваҳималар гирдобида омон қолиш учун ерости бошпаналарини қурмоқда.
Баъзи маълумотларга кўра, америкаликлар 2022 йилнинг апрелидан 2023 йилнинг мос давригача чекка ҳудудлардаги бошпаналар учун 11 миллиард доллар тиккан.
Дунёнинг энг бой инсонлари ҳам бундан холи эмас. Жумладан, ўтган йил охирида Марк Цукерберг ўзининг Гавайи оролидаги фермасининг остига энергия ва озиқ-овқат манбалари ҳамда портлашга чидамли эшиклари бўлган 100 миллион долларлик ерости бункери қургани маълум бўлди.
Amazon асосчиси Жефф Безос ҳам Майамидаги Индиан-Крик оролидан 79 миллион долларга уй сотиб олиб, у ерга расман кўчиб ўтишини маълум қилган.
Яна бир америкалик бизнесмен Фрэнк Вандерслот Калифорния штатининг Зук шаҳарчасидан жанубда жойлашган 2 минг гектарлик фермани 51 миллион долларга сотиб олиб, у ерда худди шундай бошпана қургани айтилмоқда.
OpenAI компанияси бош директори Сэм Альтман ҳамда PayPal ҳаммуассиси Питер Тиль ОАВдаги чиқишларида ядровий уруш эҳтимоли юзага келиши билан Янги Зеландиядаги мулкларида яширинишидан сўз очган.