Мажбурий ижро бюроси Тўрткўл туман бўлими ва Йўл патруль хизмати ходимлари билан ҳамкорликда йўл ҳаракати қоидаларини бузган фуқароларнинг жарималарини ундириш мақсадида рейд тадбирлари ўтказиб келинмоқда.
Ана шундай рейд тадбирларида аниқланишича, фуқаро Ш.А. 2023 йил давомида “Lacetti” русумли автотранспорт воситасини бошқариб, жами 31 маротаба йўл ҳаракати қоидаларини бузган. Йўл ҳаракати хавфсизлиги бошқармалари томонидан унга нисбатан жами 17,9 млн. сўмлик 31 та маъмурий жарима қўлланилган ва автотранспорт воситаси жарима майдончасига қўйилган.
Мажбурий ижро бюроси Тўрткўл туман бўлими бошлиғи томонидан қоидабузарга хатланган автотранспорт воситаси тегишли тартибда баҳолатилиб, келгусида электрон онлайн-аукцион савдо майдончаси орқали сотилиши, сотувдан тушган пул маблағлари давлат бюджетига ўтказилиши ҳақида тушунтириш ишлари олиб борилган.
Шундан сўнг қоидабузар ўзига нисбатан қўлланилган жами 17,9 млн. сўмлик 31 та маъмурий жарималарнинг барчасини шу куннинг ўзида тўлаган ва унинг автотранспорт воситаси эгасига қайтариб берилган.
Ҳозирда йўл ҳаракати қоидаларини бузганлик учун қўлланилган маъмурий жарималарни ундириш ишлари давом этмоқда.