2024 йилнинг икки ойидаги давлат бюджети дефицити 13 трлн сўмга етди

Иқтисодиёт ва молия вазирлиги тақдим қилган маълумотларга кўра, жорий йилнинг январ ойида давлат бюджети даромадлари – 16 трлн 159,9 млрд сўмни, харажатлари эса 21 трлн 926,7 млрд сўмни ташкил этган. Бюджет даромадлари ва харажатлари ўртасидаги фарқ 5 трлн 766,8 млрд сўм.

Февраль ойида эса давлат бюджети даромадлари – 16 трлн 908,9 млрд сўм, харажатлари эса – 24 трлн 137,1 млрд сўм бўлган. Салбий фарқ – 7 трлн 228,1 млрд сўм. Умумий ҳисобда ўтган икки ойликдаги давлат бюджети тақчиллиги 12 трлн 994,8 млрд сўмни ташкил қилган.

2024 йил учун давлат бюджети ҳақидаги қонунга кўра, бюджет даромадлари 270,4 трлн сўмни, харажатлар эса 280,7 трлн сўмни ташкил этиши прогноз қилинган. Яъни жорий йилдаги давлат бюджети 10,3 трлн сўмлик дефицит билан тасдиқланган. Консолидациялашган бюджет дефицити эса 52,6 трлн сўм ёки ЯИМга нисбатан 4 фоиз даражасида чегараланган.

Декабрь ойида, йил якунига 15 кун қолганда, давлат бюджети тўғрисидаги қонун ўзгартирилиб, консолидацияланган бюджет тақчиллиги лимити ЯИМга нисбатан 3 фоиздан 5,5 фоизгача, йиллик ташқи қарз лимити 4,5 млрд доллардан 5,5 млрд долларгача кўпайтирилган эди.