Баҳодир Жалолов давлат қонунларини менсимайдими?

«Ягона барқарор давлат — бу барча инсонлар қонун олдида тенг бўлган давлатдир». – деган эди Аристотел.

Биз бугунги кунда демократик, табақаланмайдиган мамлакатда яшаймиз. Давлатнинг барча қонунлари ҳар биримизга тенг амал қилади. Ҳар ҳолда мамлакатимиз Конституциясида бу қатъий белгиланган.

Куни кеча профессионал боксчи Баҳодир Жалолов Инстаграм саҳифасига “Адреналин Руш” энергетик ичимлигини қўлида ушлаб, кўрсатиб реклама қилиб чиққан. Устига-устак давлат байроғи ёнида. Шу ўринда қизиқ савол туғилади, чемпионимиз қонунларимизни билмайдими? Ёки “Ўзбекистон ифтихори” давлат қонунларини менсимайдими?

Ўзбекистон Республикасининг “Реклама тўғрисида”ги қонуни 7-боб 37-моддасида «Енергетик ичимликлар рекламаси спортда ютуққа эришган инсонларнинг тасвирини ўз ичига олмаслиги керак», дейилган.

Балки эртага Баҳодир Жалолов «Бу реклама эмас, шунчаки севимли ичимлигим», дея хаспўшлаб чиқар. Аммо қонунчиликка кўра ҳар қандай яширин реклама ҳам реклама тоифасига кириши белгилаб қўйилган.

Ёки машҳурларга ҳаммаси мумкинми?..



Фазилат Соиб