Global Mind лойиҳаси 2020 йилдан буён дунё аҳолисининг руҳий саломатлигини аниқлаш бўйича анъанавий тарзда тадқиқот ўтказиб келмоқда.
Унга кўра, мамлакатлар аҳолисининг “бахтли” ёки “бахтсизлик” даражасини 6 тоифага кўра баҳолайди:
- Кайфият ва дунёқараш;
- Ижтимоий шахсият;
- Ҳаракат ва мотивация;
- Онг ва тана алоқаси;
- Идрок ва мослашувчанлик;
- Чидамлилик.
Шунингдек, одамларнинг турмуш тарзи, оила ва дўстлар билан муносабатлари, шахсий травмалари ҳақида ҳам маълумотлар тўплаган.
Уларнинг жавоблари умумий йиғилиб, тушкунлик кайфиятидан то ривожланаётган инсонларнинг ҳолатларига кўра тақсимланган.
Sapiyen Labsʼда ўтказилган ушбу тадқиқотнинг сўнгги босқичида 71 та мамлакатдан 419 175 киши аноним тарзда сўровга жавоб берган ва ўзининг руҳий ҳолати ҳақида маълумот тақдим қилган.
Натижаларга кўра, Доминикан Республикаси биринчи ўринни эгаллади ва ўртача РСК (Руҳий саломатлик коэффициенти) 300 дан 91 балл тўплади. Кейинги ўринларда эса Шри-Ланка (89 балл) ва Танзия (88 балл) билан “бахтиёр” давлатлар ўнталигидан жой эгаллади.
Ўзбекистон энг сўнги ўринда
Ўзбекистон ушбу рейтингда энг ёмон кўрсаткичга эга бўлган давлатлар қаторида бўлиб, 48 балл билан сўнгги ўринни қайд этди.
Шунингдек, Буюк Британия, Жанубий Африка, Бразилия, Тожикистон, Миср, Ирландия, Ироқ ва Яман ҳам мана шу рўйхатнинг тубидан жой олди.
Тадқиқотга яна бир қисмига кўра, Ўзбекистонда руҳий саломатлик билан азият чекаётлар, яъни стресс остида ва қийналаётган аҳолининг улуши 32% ташкил этади. Ундан кейинги ўринларда турган Австралияда 33%, Бразилияда 34 %, Жанубий Африка ва Буюк Британияда эса 35% ни кўрсатади.
Ўзбекистоннинг руҳий фаровонлик бўйича кўрсаткичлари ҳам паст. Жумладан, кайфият ва дунёқараш, ижтимоий шахсият, идрок, ақл ва тана алоқаси кўрсаткичлари бўйича 71 мамлакат ичида сўнгги ўринда, мослашувчанлик ва чидамлилик бўйича 67-ўринда, ҳаракат ва мотивация бўйича 61-ўринда қайд этган.
