Ҳашар куни ҳодимнинг иш ҳақидан ушлаб қолиниши мумкин эмас, агар у…

Анъанага мувофиқ, мамлакат ҳудудларида 16-18-март кунлари умумхалқ хайрия ҳашари ўтказилмоқда. Одатда, ҳашар муносабати билан ходимларнинг бир кунлик иш ҳақи ушлаб қолиниб, “Маҳалла” хайрия жамоат фондига ўтказиб берилиши одат тусига кирган. Яъни ҳеч ким ходимлардан сўраб ҳам ўтирмайди, шунчаки бухгалтерлар ёппасига 1 кунлик иш ҳақини ўтказади, тамом. Бу ҳақида ҳодимлардан бир оғиз розилик ҳам сўралмайди. Афсуски, ҳодимлар ҳам ўз ҳуқуқларини талаб қила олмайди, ёки талаб қилишни билмайди.

Айтиш лозимки, ҳашар муносабати ҳодимнинг иш ҳақидан ушлаб қолиниши мутлақо ихтиёрий бўлиб, ҳодим ойлигини маҳалла ҳайрияси учун бўлишишга умуман мажбур эмас.

Чунки, Меҳнат кодексининг 269-моддасига кўра ходимнинг ёзма розилиги бўлмай туриб унинг иш ҳақидан ушлаб қолиниши қонунчиликка зид ҳисобланади. Шунингдек, мазкур моддада иш ҳақидан ходимнинг розилигисиз ҳам ушлаб қолиниши мумкин бўлган ҳолатлар санаб ўтилган бўлиб, улар орасида ҳашар назарда тутилмаган!

Розилик деганда ҳар бир ходимнинг ёзма розилиги назарда тутилади. Кўп ҳолатларда шунчаки ташкилот ходимлари жамоаси номидан битта протокол қилиниб, худдики ўша мажлисда ҳамма ходим қатнашган-у, ҳашарга 1 кунлик иш ҳақини беришга рози бўлгани ҳақида ёзиб қўйилади. Лекин ходимлар буни билмайди ҳам. Аслида бу ҳам нотўғри, бунақа усул билан ходимларнинг иш ҳақидан ушлаб қолиш ноқонуний! Ҳар бир ходим ўзи шахсан ҳашар учун 1 кунлик иш ҳақини ушлаб қолишга рози эканлиги ҳақида имзо чекиши шарт!