Юз билан юзлашганлар: улар орасида аёллар кўпми ёки эркаклар?

Ўртача умр кўриш — аҳоли саломатлиги ва ривожланишининг асосий кўрсаткичларидан биридир. Бунга турмуш даражаси, овқатланиш, сув ва санитария, таълим ва соғлиқни сақлаш хизматларидан фойдаланиш каби турли омиллар таъсир кўрсатади.

Ўзбекистонда ўртача умр кўриш давомийлиги 74,3 ёш. Узоқ умр кўришни тақиқлаб бўлмайди, албатта. Юртимизда юз билан юзлашган кишилар ҳам йўқ эмас.

514 нафар

Ўзбекистонда 2024-йил 1-январ ҳолатига кўра, бюджетдан ташқари Пенсия жамғармасининг ҳудудий туман (шаҳар) бўлимлари ҳисобида туриб пенсия ва нафақа олаётган 100 ёшга тўлган ва 100 ёшдан ошган фуқаролар сони 514 нафарни ташкил қилади. Бу ҳақда жамғарма матбуот хизмати хабар берди.

Маълум қилинишича, 100 ёшдан ошганларнинг 110 нафари (21,4%) эркак ва 404 нафар (78,6%) аёл кишилар.

100 ёшдан ошган кишилар энг кўп қайси ҳудудда?

100 ёшдан ошган нафақахўрлар энг кўп бўлган ҳудудлар рўйхатида Қашқадарё 92 нафар кўрсаткич билан етакчилик қилмоқда.

Ундан кейинги ўринда 71 нафар нуроний билан Сурхондарё эгаллаган бўлса, Андижон 46 нафар билан учинчи ўринни банд қилган. Навбатдаги ўринларда эса:

Фарғона вилоятида – 45 нафар;
Тошкент вилоятида – 41 нафар;
Самарқанд вилоятида – 36 нафар;
Бухоро вилоятида – 35 нафар;
Наманган вилоятида – 33 нафар;
Хоразм вилоятида – 28 нафар;
Тошкент шаҳрида – 26 нафар;
Жиззах вилоятида – 16 нафар;
Навоий вилоятида – 13 нафар;
Қорақалпоғистонда – 21 нафар;
Сирдарё вилоятида – 11 нафар пенсия олувчи 100 ёшдан ошган отахон ва онахонлар борлиги қайд этилган.