Путин Россиядаги президентлик сайловида овоз бериш жараёни якунланганидан кейин ўз штабида ўтказилган матбуот анжуманида Навалнийнинг ўлими ҳақидаги саволга жавоб берди.
Бу Путин сиёсатчининг қамоқхонадаги ўлими юзасидан илк бор изоҳ бериши ва жамоатчилик олдида Навалнийнинг фамилиясини илк бор очиқ айтиши бўлди.
«Эван Гершкович бу сайловни қамоқхонада ўтказди, сизнинг Украинадаги урушингизга қарши бўлган Борис Надеждинга сиз билан мусобақалашишга рухсат берилмади, Алексей Навалний эса сизнинг кампаниянингиз вақтида сизнинг қамоқхонангизда вафот этди. Жаноб президент, сиз буни демократия деб атайсизми?» — дея президентга савол берди Американинг NBC телеканали журналисти Кир Симммонс.
«Бу ҳаёт» — дея жавоб қайтарди Путин. У Надеждин сайловга қўйилмаганини сиёсатчининг штаби қониқарсиз ишлагани билан боғлади. 2023 йил мартидан буён жосусликда айбланиб «Лефортово»да сақланаётган Wall Street Journal журналисти Эван Гершкович ҳақида эса ҳеч нарса демади.
«Жаноб Навалнийга келсак. Ҳа, у ҳаётни тарк этди. Бу ҳамиша қайғули воқеа. Бизда одамлар ҳаётдан кетган бошқа ҳолатлар ҳам бўлган. АҚШда бунақаси бўлмаганми? Бўлган ва бир неча марта бўлган», — дея жавоб қайтарган Путин.
«Бўладиган иш бўлди, бунга қарши ҳеч нарса қила олмайсан», — деган Путин Навалнийнинг ўлими ҳақида. У шунингдек Россиядаги сайловлар демократик ўтганини қўшимча қилган.