Парадокс: спорт учун ажратилган миллиардлар ва келишилган ўйинлар

Юртимизда 2023 йилда спорт тизимидаги ташкилотларга жами 192,4 миллиард сўм маблағ ажратилган. Бундан кўзланган мақсад — спортни ривожлантириш, албатта. Аммо ҳаётда тескари парадокслар ҳам бўлиб туради.

77 нафар спортчи келишилган ўйинларда иштирок этган

2019-2023 йилларда 30 нафар футболчи ва ҳакамлар, 8 нафар мураббий, 7 нафар футбол клублари раҳбари ва 2 нафар футбол клуби маъмурияти ходими – жами 77 нафар спортчининг келишилган ўйинларда иштирок этгани аниқланиб, тегишли чоралар қўлланган.

Жиноий жавобгарлик кўзда тутилмоқда

ЎзА хабарига кўра, эндиликда бундай ҳолатларнинг олдини олиш мақсадида қонунчиликда жиноий жавобгарлик масаласи кўзда тутилмоқда. Жиноят кодекси тегишли моддалар билан тўлдирилиб, спорт мусобақалари иштирокчилари ва ташкилотчиларининг қонунга хилоф равишда моддий қимматликлар олиши ёки мулкий манфаатдор бўлиши ҳамда спорт мусобақалари иштирокчилари ва ташкилотчиларини пора эвазига оғдириб олиш учун жиноий жавобгарлик белгиланмоқда.

Қонун лойиҳаси парламент қуйи палатасида кўриб чиқилмоқда

Ушбу тартибларни ўз ичига олган «Спорт соҳасида коррупциянинг олдини олиш мақсадида Жиноят кодексига қўшимчалар киритиш тўғрисида»ги қонун лойиҳаси айни пайтда парламент қуйи палатасида кўриб чиқилмоқда.

Мазкур қонун лойиҳаси билан миллий қонунчилик замонавий халқаро стандартлар ва илғор хорижий тажрибани инобатга олган ҳолда янада такомиллашади. Соҳада коррупцияга нисбатан муросасиз муносабат шаклланади, жавобгарликнинг муқаррарлиги таъминланади.