Вазирлар Маҳкамасининг «Криминологик фаолиятни илмий таъминлаш чора-тадбирлари тўғрисида»ги қарори лойиҳаси эълон қилинди.
Ички ишлар органлари жамоат хавфсизлиги бўлинмаларининг штат бирликларини мақбуллаштириш ҳисобидан амалдаги пул таъминоти доирасида Ички ишлар вазирлиги Жамоат хавфсизлиги департаменти бошқарув аппарати тузилмасида 10 та штат бирлигидан иборат Стратегик таҳлил маркази ташкил этилади.
Стратегик таҳлил маркази зиммасига Ўзбекистон жамоат хавфсизлиги концепцияси ва жамоат хавфсизлигини таъминлаш тизимини ривожлантириш стратегиясини амалга ошириш бўйича ҳукумат топшириқлари ижросини эксперт-ҳуқуқий ва ахборот-таҳлилий таъминлаш вазифалари юклатилади.
Ички ишлар вазирлиги:
- манфаатдор вазирлик ва идоралар билан биргаликда ҳуқуқбузарликлар профилактикаси тўғрисидаги қонунчилик нормаларини жиноятчилик омилларини комплекс илмий диагноз асосида аниқлаш методикасига мувофиқлаштириш, шунингдек, «тергов профилактикаси»ни қўллаш механизмларини белгилашни назарда тутувчи қонун лойиҳасини ишлаб чиқади ва Вазирлар Маҳкамасига киритади;
- 2024 йил 30 декабрга қадар криминология соҳасида буюртма асосидаги илмий-амалий тадқиқот лойиҳасини бажариш ҳисобидан Криминология тадқиқот институти фаолиятини рақамлаштириш ва электрон иш юритувини амалга оширишни назарда тутувчи E-криминология ахборот тизимини яратади ва ушбу тизимни ишга тушириш билан боғлиқ барча ташкилий-техник чора-тадбирларни амалга оширади.
Ўзбекистон ҳукуматининг айрим қарорларига қуйидагиларни назарда тутувчи ўзгартириш ва қўшимчалар киритилади:
- Тошкент давлат юридик университети ихтисослаштирилган филиалининг «ҳуқуқбузарликлар профилактикаси ва жамоат хавфсизлигини таъминлаш» таълим йўналиши битирувчиларининг Криминология тадқиқот институтининг бўш лавозимларини жамлаш бўйича танловларда иштирок этишига рухсат бериш;
- Криминология тадқиқот институтида ижтимоий ҳимоя қилиш масалалари бўйича комиссия фаолиятини йўлга қўйиш.