“Антиструмин” дори воситасини ишлаб чиқарган корхона лицензияси вақтинча тўхтатилди

Ўзбекистонда “Антиструмин” дори воситасини ишлаб чиқарган “Само” МЧЖ корхонаси лицензияси вақтинчалик тўхтатилди. Бу ҳақда Фармацевтика маҳсулотлари хавфсизлиги маркази хабар берди.

2023 йилнинг сентябрида “Само” корхонасининг фармацевтик фаолияти бўйича текширув ишлари олиб борилаётгани ҳақида хабар берилган эди. Фармацевтика маҳсулотлари хавфсизлиги марказининг маълум қилишича, ўрганишлар натижасига кўра, корхона томонидан қўпол қонунбузилиш ҳолатига йўл қўйилгани аниқланиб, 2023 йил декабрида “Само” МЧЖ лицензиясини бекор қилиш тўғрисида марказ томонидан судга даъво аризаси киритилган.

Наманганда юз берган заҳарланиш ҳолати юзасидан қўзғатилган жиноят иши бўйича суриштирув-тергов ҳаракатлари олиб борилаётгани сабабли мазкур иқтисодий иш билан боғлиқ суд, Бош прокуратуранинг Иқтисодий жиноятлар ва коррупцияга қарши кураш бошқармаси илтимосномасига кўра 2024 йил 19 январда тўхтатилди.

Аҳолининг ҳаёти ҳамда соғлиғи учун таҳдид юзага келишининг олдини олиш мақсадида, Фармацевтика маҳсулотлари хавфсизлиги марказининг юқоридаги иқтисодий иш бўйича якуний суд ҳужжати қабул қилингунига қадар “Само” МЧЖнинг лицензиясини тўхтатиб туриш тўғрисида Зангиота туманлараро иқтисодий судига киритган илтимосномаси суднинг тегишли ажримига мувофиқ қаноатлантирилди.

“Само” масъулияти чекланган жамиятига тегишли (дори воситаларини ишлаб чиқариш учун 2020 йил 30 мартда берилган) 15571-сонли лицензиянинг амал қилиши вақтинчалик тўхтатилди.