Россиянинг Москва вилояти, Красногорск шаҳридаги «Крокус Сити Холл» концерт залида отишма юз берди. Маҳаллий ОАВ хабарларига кўра, номаълум шахслар автомат милтиқдан одамларга қарата ўқ узган.
Дастлабки маълумотларга кўра, ўнлаб қурбонлар бор. Воқеа «Пикник» гуруҳининг концерти бошланишидан олдин содир бўлган.
Воқеаларнинг дастлабки сониялари акс этган видеолавҳада қуролланган икки киши кўринади. Бироқ, уларнинг сони камида беш нафар экани айтилмоқда.
Қайд этилишича, концерт зали биносида ёнғин бошланган. Бунга портлаш сабаб бўлгани айтилмоқда. Бино томининг бир қисми қулаб тушган.
Москва вилояти губернатори Андрей Воробёв воқеа жойига етиб борган. «Мен воқеа жойидаман. Оператив штаб тузилди. Барча тафсилотлар кейинроқ», деб ёзди у ижтимоий тармоқда.
Москва вилоятининг ҳуқуқ-тартибот идоралари, махсус кучлари «тревога» билан оёққа турғизилган.