ИШИД-К Москвадаги теракт учун жавобгарликни ўз зиммасига олди, АҚШ буни тасдиқлайди — NYT

Москва яқинидаги «Крокус сити ҳолл» концерт залида содир этилган теракт учун жавобгарликни ИШИДнинг Афғонистондаги бўлинмаси — ИШИД-Хуросон (ИШИД-К) ўз зиммасига олди, деб ёзмоқда The New York Times. Бу маълумотни АҚШ амалдорлари ҳам тасдиқлади.

Бир неча қуролланган шахсларнинг концерт залига уюштирган ҳужуми оқибатида камида 40 киши ҳалок бўлган, 100 дан ортиқ киши жароҳатланган.

Газетанинг ёзишича, АҚШ март ойида режалаштирилган теракт ҳақида разведка маълумотларини олган. 7 март куни Қўшма Штатлар эҳтимолий ҳужум ҳақида оммавий равишда огоҳлантирган, шунингдек, бу ҳақда Россия расмийларига ҳам ёпиқ тартибда хабар берган.

«АҚШ разведка идоралари потенциал ҳужумлар хавфидан хабардор бўлганларида „огоҳлантириш“ мажбуриятига эга», — дейилади нашр хабарида. Қўшма Штатлар Россияга қанча маълумот узатгани номаълум.

АҚШ аксилтеррор хизматлари вакилларидан иқтибос келтирган газета хабарига кўра, сўнгги пайтларда Россияда ИШИД аъзоларининг фаоллиги кузатилган.

Европада ҳужумга уринишларнинг аксарияти бартараф этилган, бу эса гуруҳнинг имкониятлари пасайиб кетгандек таассурот уйғотган. Охирги ҳужум эса ушбу баҳолашни қайта кўриб чиқишга мажбур қилади.

Soufan Group таҳлилчиси Колин Кларкнинг The New York Times нашрига айтишича, ИШИД сўнгги икки йил давомида Москванинг «Афғонистон, Чеченистон ва Сурияга аралашуви» бўйича ўз пропагандаларида Россия президенти Владимир Путинни мунтазам равишда танқид қилиб келади.

19 март куни Федерал хавфсизлик хизмати ҳайъати йиғилишида Россия президенти Владимир Путин Ғарб разведка хизматларининг огоҳлантиришини «провокацион» деб атаганди. «Буларнинг барчаси очиқдан-очиқ шантаж ва жамиятимизни қўрқитиш ҳамда беқарорлаштиришга бўлган ниятга ўхшайди», — деган у (иқтибос Кремль веб сайтидан келтирилди).

АҚШ, шунингдек, январь ойи бошида Эронни 85 га яқин одамнинг ҳаётига зомин бўлган ва 200 дан ортиқ одам яраланган террорчилик ҳужуми олдидан ҳам огоҳлантирганди.

Кейинроқ Кирмон шаҳрида Ислом инқилоби қўриқчилари корпуси генерали Қосим Сулаймонийнинг 2020 йилда вафот этганининг тўрт йиллиги муносабати билан мотам маросимлари ўтаётган қабристонда портлашлар содир бўлган.

Ғарб разведка хизматлари дафн маросими вақтида эҳтимолий ҳужум ҳақида маълумот тўплаган. Ўшанда жавобгарликни ИШИД-К ҳам ўз зиммасига олганди.