Сўнгги йилларда қатор минтақалар бўйлаб авж олаётган вабо эпидемиясига қарши курашиш учун вакциналар захираси тугаб бормоқда, деб хабар бермоқда ССВ матбуот хизмати ЖССТга таянган ҳолда.
Қайд этилишича, уч йилдан буён сайёрада мазкур эпидемия билан боғлиқ вазият тобора ёмонлашган. 2021 йилда 223 минг киши бу дардга чалинган бўлса, 2022 йилда мавжуд кўрсаткич икки баробар ошиб, 473 мингтага етган.
“2023 йилги ҳисоб-китоблар эса янада хавотирли. Жаҳон бўйича ўтган йили 700 мингдан кўпроқ беморга вабо ташхиси қўйилган. Энг ёмони, ҳозир ҳам 23 мамлакатда касалланиш ҳолатлари рўйхатга олиняпти ва 1 миллиарддан зиёд инсоннинг саломатлиги хавф остида”, – дейилади хабарда.
Бироқ фармацевтика компаниялари паст рентабеллик туфайли бу касалликка қарши вакциналар ишлаб чиқаришни тўхтатиб қўйган. Чунки аксарият вабо ўчоқлари энг қашшоқ мамлакатларда аниқланяпти. Табиийки, улар бундай ҳимоя воситаларини катта миқдорда харид қилишга қодир эмас.
Шунга қарамай, жорий йилда 37-50 миллион доза вакцина ишлаб чиқарилиши прогноз қилинмоқда. Лекин бу миллионлаб одамлар эҳтиёжларини қоплаш учун етарли эмас.
Шун сабабли ЖССТ ишлаб чиқарувчилар, ҳомийлар ва ҳукуматларни бу борада ҳамкорликка ҳамда вабога қарши курашиш учун барча зарур чораларни кўришга чақирган.