Ogoh.uz журналистларига Олий таълим вазирлиги ходими таҳдид қилди

Бугун “Автомобилсиз кун”. Шаҳарда транспортлар ҳаракатини қисқа муддатга тўхташиш, атроф-муҳит мусаффолигига ҳисса қўшиш мақсадида шундай умумакция ўтказилмоқда. Ушбу кунда шахсий автомобиллардан воз кечиш тавсияси ҳукуматнинг 2022 йил ноябрдаги “Аҳолининг соғлом турмуш тарзини қўллаб-қувватлаш ва жисмоний фаоллигини оширишга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарорида келтирилган.

Ogoh.uz ушбу акцияда давлат ташкилотлари ходимлари қанчалик фаол эканлигини ўрганиш учун бугун ҳам ишга шахсий ёки хизмат машиналарида келган турли ташкилот, жумладан, вазирликлар ходимларга савол билан юзланди: “Бугун қандай кун эканини биласизми?”

Акциядан умуман хабардорлиги йўқ ёки хабари бўлса-да автомобилсиз юришни истамайдиган айрим давлат хизматчилари журналистимизга босим ўтказди, “Судга бераман”, – дея таҳдид қилишди. Ҳаттоки тасвирчининг камерасига зиён етказишга уриниш бўлган.

Айрим вазирлик, идоралар раҳбарлари бугун ишга пиёда келяпти. Буни ҳатто пиар ҳам қилишяпти. Лекин ходимлари-чи, ҳатто «Автомобилсиз кун» ҳақида билмайди ҳам. Энг ачинарлиси, “Автомобилсиз кун”да машиналар кўплигидан йўлдан ўтолмай турган вазирларни кўряпмиз.

Мана шулар ҳақида Ogoh.uz таҳлилий материал тайёрлади. Бизни кузатиб боринг!