Иммун тизими — организмни турли микроб ва инфекциялардан ҳимояловчи қалқон. Қолаверса, у тана аъзоларимиз фаолиятини тартибга солишда муҳим роль ўйнайди.
Бироқ ёш ўтган сайин одам иммунитети тобора заифлашиб бораверади. Қариш жараёни ва иммун тизими ўртасидаги боғлиқликни ўрганган тадқиқотчилар хулосаси шундай. Яъни кексаларда тимус бези ҳажми кичрайиб, гормонлар ишлаб чиқарилиши озайиши ва лимфоид тўқималар атрофияси кузатилиши — тасдиқланган илмий факт.
Бунинг оқибати қон таркибида Т-лимфоцитлар миқдори камайишига олиб келади. Шунингдек, лимфоцитлар ўз ҳужайраларимиз ёрдамида фаоллашиш қобилиятини бора-бора йўқотади.
Ана шу омилга асосланган Буюк Британия олимлари муайян ҳужайраларга таъсир кўрсатувчи муолажа усули орқали кекса инсонлар иммунитетини тиклаш йўлини топди.
Тадқиқот давомида гематопоетик илдиз ҳужайраларини йўқ қилиш ва уларни янгилари билан алмаштириш ёрдамида иммунитет тизими мувозанатини тиклаш мумкинлиги ўрганилди.
Бунинг учун дастлаб сичқонлар устида тажриба ўтказилиб, 18-24 ойлик ушбу жониворлар организмига гематопоетик илдиз ҳужайраларининг бир қисмини йўқ қилишга қаратилган антитаналар юборилди. Натижада танага киритилган янги В ва Т-лимфоцитлари туфайли иммун тизими мустаҳкамланди.
Олимларнинг таъкидлашича, улар битта муолажа курси бу қадар катта самара берганидан ҳайратда.
Муҳими, даволанган ва даволанмаган ҳайвонлар ўртасидаги тафовут икки ойдан кейин ҳам сақланиб қолди. Масалан, муолажа қилинган жониворлар саккиз ҳафта ўтгач, илгари дуч келмаган вирусга қарши эмланганида, уларнинг иммун тизими бошқа ҳайвонларникига қараганда кучлироқ жавоб реакциясини намоён қилиб, инфекцияга анча самарали қаршилик кўрсата олди.
Шундан келиб чиқиб, тадқиқотчилар мазкур янги усул кекса инсонларнинг коронавирус сингари хавфли инфекциялар ва бошқа юқумли касалликларга қарши ҳимоя қобилиятини оширишига ишонч билдирмоқда. Якуний хулоса эса инсонларда ўтказиладиган клиник синовлар муваффақиятига боғлиқ.