Кеча «Автомобилсиз кун» доирасида ўтказган сўровнома жараёнида баъзи ходимлари билан юз берган ҳолатга Олий таълим, фан ва инновациялар вазирлиги ахборот хизмати муносабат билдирди.
«Жорий йилнинг 29 март куни Тошкент шаҳрида “Автомобилсиз кун” тадбири Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2024 йил 21 февралдаги “Ўзбекистон–2030 стратегиясини “Ёшлар ва бизнесни қўллаб-қувватлаш йили”да амалга оширишга оид давлат дастури тўғрисида”ги 37-сон Фармонига мувофиқ амалга оширилиши бўйича эълон 28 март куни вазирликнинг ижтимоий тармоқлардаги саҳифаларида ҳам, вазирлик жамоасининг телеграм гуруҳларида ҳам эълон қилинган ва бу тўғрисида ходимлар хабардор қилинган.
Аммо 29 март куни вазирликнинг айрим ходимлари автомобилда ишга келган. Шу муносабат билан вазирлик автотураргоҳида журналист билан тортишув юзага келган.
Олий таълим, фан ва инновациялар вазирлигида юзага келган ҳолат бўйича ходимлар билан тушунтириш олиб борилди. Эндиликда ҳар ойнинг охирги чоршанба куни бўлиб ўтадиган «Автомобилсиз кун»ларида вазирлик ва вазирлик тизим ташкилотлари ходимларининг иштирокини кенгайтириш бўйича тарғибот ишлари кучайтирилади.
Ўз навбатида, вазирлик раҳбарияти (хусусан, вазир ва вазир ўринбосарлари) ҳамда кўплаб ходимлар 29 март кунги акцияда фаол иштирок этганларини маълум қиламиз.
Вазирлик раҳбарияти томонидан ҳам, Ахборот хизмати томонидан ҳам қайсидир видео ёки матнли хабарни ўчириш ёки ўчиртириш бўйича бирор ҳаракат амалга оширилмаган.» — дейилади муносабатда
Эслатиб ўтамиз, муносабат вазирлик саҳифасида эмас, Матбуот котиби Назокат Абдуқундузова саҳифасида берилган.