Қашқадарёда эркак ҳисобни тўламаган танишини отиб ўлдирди

Қашқадарё вилоятининг Шаҳрисабз шаҳрида маст эркак ҳисобни тўламаган танишини отиб ўлдирди. Бу ҳақда Бош прокуратура ахборот хизмати Bugun.uz’га маълум қилди.

Маълумотларга кўра, қотиллик 2024 йилнинг 29 март куни тахминан 19:30 да содир бўлган. Шаҳрисабз шаҳрининг «Қўшхона» маҳалласида яшовчи Ш.У. 29 март куни соат 15:00 ларда Damas’ида кетаётганда таниши Ш.Р.ни кўриб қолиб, бирга «Лола» кафесига борган ва спиртли ичимлик ичган. Тахминан бир соатлардан сўнг улар кафедан чиқиб, яна бир таниши Т.А.ни кўриб қолиб, уни ҳам автомашинага миндириб, учаласи спиртли ичимлик ичиш учун бошқа кафега борган.

Улар ҳисобни тўлаш устида тортишиб қолишган.

«Ш.У. таниши Т.А.га йўлда келаётган пайтда 50 минг сўм берганини, шу боис овқатланиш харажатини тўлиқ тўлашини айтган. Шериги эса унга ҳамма пулни тўламаслигини айтиб, ундан олган 50 минг сўмини қайтариб берган. У.Ш. пулни олмасдан унга ‘Пулни чўнтагингга солиб қўй’, дея жаҳл қилиб, автомобилидаги темир қувурдан қўлбола усулда ясалган қуролни олиб, шеригининг бошига бир марта ўқ узган. Ҳамда воқеа жойидан кетиб қолган. Оқибатда Т.А. олган тан жароҳати туфайли Шаҳрисабз шаҳар тиббиёт бирлашмаси шошилинч тез тиббий ёрдам бўлимига ётқизилган», — дейилади Бош прокуратура ахборотида.

Шеригига ўқ узган У.Ш. ҳодиса жойидан қочмоқчи бўлиб, автомобилида кетаётган пайтда воқеа жойидан тахминан 500 метр узоқликда бўлган ИИБ тезкор ходимлари томонидан ушланган.

«Шаҳрисабз шаҳар тиббиёт бирлашмасининг 29 март куни тақдим этилган маълумотномасида Т.А.нинг танасида оғир очиқ тешиб ўтувчи бош мия жароҳати, бош мия ичидаги метал ва суяк парчалари, чап пешона суягининг парчаланиб синган жароҳати, чап қош устида эзилиб йиртилган кўринишида тан жароҳатлари борлиги, аҳволи ўта оғир даражада эканлиги қайд этилган. Мазкур ҳолат юзасидан Шаҳрисабз туман прокуратураси томонидан фуқарога нисбатан Жиноят кодексининг 25, 97-моддаси 2-қисми ‘д’ ва ‘л’ бандлари (безорилик оқибатида, бошқа шахсларнинг ҳаёти учун хавфли бўлган усулда қасддан одам ўлдириш) билан жиноят иши қўзғатилиб, Жиноят процессуал кодексининг 221-моддаси тартибида ушланган. Тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда», — дейилади хабарда.