Ўзбекистоннинг «ёпиқ» ташкилотлари қачон «очилади»?

Коррупцияга қарши курашиш агентлиги давлат органлари ва ташкилотларининг “Очиқлик индекси –2023” рўйхатини ва уларнинг коррупцияга қарши курашиш самарадорлик даражасини эълон қилди.

Баҳолаш тартиби қандай?

Коррупсияга қарши курашиш агентлиги томонидан иккинчи бор эълон қилинаётган Очиқлик индекси 84 та баҳолаш мезонидан таркиб топган 8 та индикатор асосида шакллантирилиб келинмоқда. Индексда самарадорлик кўрсаткичлари 71 баллдан 100 баллгача тўплаганлар — “яшил”, 55 баллдан 71 баллгача бўлганлар — “сариқ” ва 55 баллдан паст кўрсаткич қайд этганлар — “қизил” тоифаларга киритилади.

29 та «қизил»

Баҳолаш натижаларига кўра, 31 та давлат органи “яшил” (71-100 балл), 43 таси “сариқ” (55-71 балл) ва 29 таси “қизил” (55 баллдан паст) самарадорлик кўрсаткичларини қайд этган.

Таҳлиллар кўрсатишича, фаолият самарадорлиги “яшил” тоифадаги давлат идоралари сони ўтган йилга нисбатан 16 тага (13 %га) ортган. Эътиборлиси, 2022 йил якуни бўйича “қизил” тоифага киритилган қатор давлат идораларида кескин ижобий ўсиш кузатилган. “Ўзсувтаъминот” АЖ — 81 балл (2022 йилда – 47 балл), “Туронбанк” АТБ – 78 балл (2022 йилда 53 балл), “Ўзбекистон металлургия комбинати” АЖ — 77 балл (2022 йилда 48 балл), “Ҳудудгазтаъминот” АЖ – 75 балл (2022 йилда 52 балл) билан бунга яққол мисол бўла олади.

Энг юқори натижалар

Очиқлик индексида энг юқори натижа Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Статистика агентлиги (88 балл), “Олмалиқ кон-металлургия комбинати” АЖ (86 балл), Рақобатни ривожлантириш ва истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш қўмитаси (86 балл), “Навоий кон-металлургия комбинати” АЖ (84 балл) ва Хоразм вилояти ҳокимлиги (84 балл) томонидан қайд этилган.

“Қизил” тоифада баҳоланганларига қонунчиликда белгиланган тартибда интизомий жазо чорасини қўллаш юзасидан таклиф киритиш, очиқликни таъминлашда йўл қўйилаётган тизимли камчиликларни ўрганиш, бартараф этиш ҳамда уларнинг ушбу йўналишдаги фаолиятини яхшилаш бўйича чора-тадбирлар дастурини ишлаб чиқиш кўзда тутилмоқда.

Эслатиб ўтамиз, Олий таълим, фан ва инновациялар вазирлиги, Ёшлар ишлари агентлиги, Қишлоқ хўжалигида хизматлар кўрсатиш агентлиги, Сув хўжалиги обьектлари хавфсизлигини ва сувдан фойдаланишни назорат қилиш инспексияси, Агросаноат мажмуи устидан назорат қилиш инспексияси, Ипакчилик ва жун саноатини ривожлантириш қўмитаси, Сурхондарё вилоят ҳокимлиги каби давлат органлари ва ташкилотларининг коррупцияга қарши курашиш самараси ҳам 55 баллдан паст баҳоланиб, “қизил” тоифага киритилган.