Тошкент ҳайвонот боғига кириш нархи 5000 сўмга қимматлади. Боғ маъмурияти буни ҳайвонларни парваришлаш харажатлари ва коммунал хизматлар нархи ортгани билан изоҳлади.
Тошкент ҳайвонот боғида ҳайвонларни парваришлаш ва даволаш харажатлари ўсиши муносабати билан 2 апрелдан кириш чипталари нархлари оширилди, дея хабар бермоқда боғ матбуот хизмати.
Зоопарк жониворларнинг парвариши, саломатлиги ва фаровонлиги учун доимо сармоя киритишини, бироқ буларнинг барчаси катта молиявий инвестицияларни талаб қилиши, улар эса нархларнинг ўшиши билан ортишини билдирди.
Эндиликда кириш чипталарининг нархи қуйидагича бўлади:
7 ёшдан 16 ёшгача болалар учун — 25 минг сўм (аввал 20 минг сўм);
16 ёшдан катталар учун — 40 минг сўм (35);
Нафақадаги фуқаролар учун — 25 минг сўм (20);
Хизматини ўтаётган ҳарбийлар учун — 25 минг сўм (20);
Имконияти чекланган шахслар учун — бепул;
7 ёшдан кичик болалар учун — бепул.
«Бу қарор, шунингдек, чорва еми нархининг ошиши, коммунал хизматлар (электр энергияси, газ, сув) нархининг ошиб кетишининг ўрнини қоплаш ва ҳайвонларимизни парвариш қилишни юқори даражада сақлаш зарурати билан боғлиқ», — дейилади хабарда.