Синфдошини калтаклаган ўқувчи қизлар ва уларнинг ота-оналари жавобгарликка тортилди

Сўнгги пайтларда мактаб ўқувчилари орасида психологик-агрессив кайфият юзага келмоқда. Жумладан Тошкент вилоятининг Бўстонлиқ туманидаги мактабда 18-март куни информатика дарсида Э.О., С.M., M.К., К.V. (барчаси қизлар) ўзаро гап талашиб қолган ва дарс машғулотлари тугаганидан сўнг низони хал қилишги келишиб, мактаб синфхонасида йиғилиб, ўзаро жанжаллашган. Уч нафар қиз биргаликда Э.О.ни ургани, уни турли ҳақоратли сўзлар билан камситган.

Болалар омбудсмани шахсий қабулига 3-апрел куни 2010-йилда туғилган қиз Э.О. келиб, мактабда синфдошлари томонидан муттасил тазйиқ ва буллингга учраётгани, бу ҳолатга мактаб маъмурияти ҳам, бошқа масъуллар ҳам эътиборсиз эканини билдирган.

Бўстонлиқ тумани, “Марказий” МФЙ профилактика инспектори томонидан болалар ўртасидаги бу ҳолат бўйича терговга қадар текширув олиб борилиб, вояга етмаган ўқувчи қизлар Э.О. ва К.V.га суд тиббиёт экспертизаси тайинланган ва улар енгил тан жароҳати олгани аниқланган.

Мазкур буллинг ҳолати юзасидан К.V., С.M., M.К.нинг ота-оналари Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 47-моддаси 1-қисми (болаларни тарбиялаш ва уларга таълим бериш борасидаги мажбуриятларни бажармаслик) асосида маъмурий жавобгарликка тортилди.

Қизлар билан махсус психологик коррекцион иш олиб бориш учун психолог бириктирилган. Мактаб раҳбарияти ва инспектор-психолог болалар ўртасида бу каби буллинг ҳолатларига йўл қўймаслик бўйича тегишлича огоҳлантирилган.

Эслатиб ўтамиз, бундан бир неча муддат аввал Тошкент вилоятининг Ангрен шаҳридаги мактабларнинг бирида мактаб ўқувчиси ўзидан бир неча ёш катта бола билан жанжаллашиб, уни ўлдириб қўйган эди.