Қашқадарёнинг Яккабоғ тумани Гулистон маҳалласида силовсинга ўхшаш номаълум ҳайвон бир нечта одамга ҳужум қилиб, жароҳат етказганини айтилди. Ўша ҳайвон қутуриш эҳтимоли билан текширилгани иддао қилинди.
Қашқадарё вилоят соғлиқни сақлаш бошқармасининг маълум қилишича, ваҳима кўтаришга асос йўқ. Ўша ҳайвон оддий мушук бўлиб, тўрт кишини тирнаган. Уларнинг соғлиғи назоратга олинган. Мушук эса жароҳатланганлар томонидан йўқ қилинган.
«Эгасиз мушук бир оиланинг бир нечта вакилига жароҳат етказгани сабабли бизга мурожаат қилишди. Қоидага кўра, ҳужум қилган ҳайвонни тирик ҳолда кўпи билан ўн кун сақлаб туриш орқали қутурган-қутурмаганини биламиз. Бироқ жабр кўрганлар уни уриб ўлдириб қўйишибди.
Ҳар эҳтимолга қарши ундан намуна олиб, лабораторияга жўнатдик. Ташхис натижаси 25 кунда маълум бўлади. Мушук тирнаган фуқаролар эса тиббий назоратда, керакли дори-дармонларни қабул қилишяпти», — деди туман ҳайвонлар касалликлари ташхиси ва озиқ-овқат хавфсизлиги маркази бошлиғи Убайдулла Пирназаров.
Соҳа мутахассиси мушук ўлдириб қўйишмаганда, текширув жараёни анча тез ва осон бўлишини таъкидлади. У ўша ҳайвонни ўз кўзи билан кўргани ва у ҳақиқатан ҳам оддий мушук эканини қўшимча қилди.