“Афғонистон Ўзбекистонга нефт маҳсулотларини қайтариб юборгани ҳақидаги хабар ёлғон



Оммавий ахборот воситаларида “Афғонистон 120 минг литрга яқин нефтмаҳсулотларини сифати паст бўлгани учун Ўзбекистонга қайтариб юборди” мазмунидаги ёлғон ахборотлар тарқатилган.

Божхона қўмитасининг берган раддиясига кўра, 2024 йил 20 январь куни Россиядан (юк жўнатувчи АО Орскнефтеоргсинтез) Афғонистонга (юк қабул қилувчи BASHIR NAVID PETROLEUM LTD) юборилган 2 та темир йўл цистерналарида 120 тонна “автомобильный бензин неэтилированный” маҳсулотлари Қозоғистондан Сариёғоч – Чуқурсой станциялари орқали Ўзбекстонга кириб келган.

Ушбу цистерналар 2024 йил 7 февраль куни Сурхондарё вилояти Айритом станцияси орқали Афғонистонга чиқиб кетган.
Афғонистон томонидан қайтарилган мазкур нефть маҳсулотлари 2024 йил 6 апрель куни Айритом станцияси орқали Ўзбекистонга кириб келган.

“Афғонистонлик ҳамкорларни икки томонлама дўстона муносабатларни инобатга олган ҳолда, текширилмаган ва асоссиз хабарларни шошма-шошарлик билан тарқатмасликка чақирамиз” дейилади Божхона қўмитасининг матбуот хабарида.