Киев шаҳрида Ўзбекистон томонидан тадбиркор Зафар Ҳошимов раислигида Ўзбекистон-Украина бизнес кенгашининг йиғилиши бўлиб ўтди. Унда икки давлат ишбилармон доираларининг ўзаро ҳамкорлиги, урушдан жабр кўрган Украина корхоналарини Ўзбекистонга кўчириш бўйича таклифлар муҳокама қилинди.
«Шундай муаммолардан бири, мисол учун келтирсам, Украинага Ўзбекистондан келадиган текстиль маҳсулотларининг божхона қиймати биздан келаётган инвойс ва декларация асосида эмас, балки қатор холларда украин божхонаси белгилайдиган қимматроқ қийматда қайд этилиб, маҳсулотларимиз Украина бозорига кираётган пайтида юқорироқ ҚҚСга тортиляпти», — деб ёзади Зафар Ҳошимов.
Унинг сўзларига кўра, бу муаммо украиналик ҳамкорлар ва расмийлар эътиборига ҳавола қилинган ва уларни бартараф этиш чораларини кўришга келишиб олинган.
Бундан ташқари, Украинанинг урушдан жабр кўрган бир қатор ишлаб чиқариш корхоналарини Ўзбекистонга релокация қилиш, шунингдек, креатив иқтисодиёт соҳасида ҳамкорликни кенгайтириш бўйича таклифлар муҳокама қилинди.
Аввалроқ Украинанинг Ўзбекистондаги элчиси Николай Дорошенко ҳарбий ҳаракатлар туфайли Ўзбекистон ва Украина ўртасида 2022 йил бошига келиб ўсишни бошлаган товар айирбошлаш яна пасайганини маълум қилганди. 2023 йил охирида у 320 миллион доллардан ортиқни ташкил этган, 2021 йил охирида эса бу кўрсаткич 747 миллион доллар бўлган.
Ўзбекистон-Украина бизнес кенгаши дастлаб 2021 йилда Ўзбекистон ва Украина Савдо-саноат палаталари томонидан тузилган.