Жорий йилнинг июн ойидан бошлаб давлат боғчаларига тўлов нархи 20 фоизга, кейинги йил январдан эса яна 10 фоизга қимматлашади.
Вазирлар Маҳкамасининг қарори билан давлат мактабгача таълим муассасаларида ота-оналар тўловларининг янги миқдорлари тасдиқланди.
Ўсиш икки босқичда — 2024 йил 1 июндан ва 2025 йил 1 январдан бошлаб амалга оширилади. Биринчи босқичда тўловлар ўртача 18,7-21 фоизга, иккинчи босқичда 8,5-10,8 фоизга ошади, деб хабар қилди Адлия вазирлиги.
Тўловнинг аниқ миқдори болалар боғчаси жойлашган жойга ва боланинг у ерда ўтказган вақтига қараб белгиланади.
Эслатиб ўтамиз, охирги марта боғча тўловлари 2021-йилнинг май ойида 15 фоизга оширилган эди. Ўшанда бу озиқ-овқат нархининг ошиши билан изоҳланган эди.