Қирғизистон ва Тожикистон чегарасида ўқотар қуролни қўллаш билан боғлиқ ҳодиса юз берди. Бу ҳақда Қирғизистон чегара хизмати хабар беради.
Соат 12:20 атрофида Қирғизистон чегарачилари Боткен вилояти, Лейлек тумани, Оқ-Босого қишлоғи яқинида Тожикистонлик чўпонлар Қирғизистон ҳудудига 250-300 м ичкарига кириб, мол боқиб юрганини аниқлаган.
Қирғизистон ҳудудини тарк этиш талабига жавобан чўпонлар чегарачиларга тош отишни бошлаган. Қолаверса, чўпонлардан бири чегарачилар томонга икки-уч марта ўқ узган.
Чегара хизматининг аниқлик киритишича, “вазият кескинлашувининг олдини олиш мақсадида” қирғиз ҳарбийлари ҳавога огоҳлантирувчи ўқ узган, шундан сўнг чўпонлар Тожикистон ҳудудига қочиб кетишган. Айни вақтда, тасдиқланмаган маълумотларга кўра, Тожикистон фуқароларидан бири оёғидан яраланган. Чегарачилар орасида қурбонлар йўқ.
“Жароҳат қандай шароитда, қачон ва қаерда олингани номаълум, чунки Тожикистон ҳуқуқ-тартибот идоралари фақат фотосуратни тақдим этган. Томонлар чегара вакилларининг учрашуви кутилмоқда”, — дея изоҳ беради чегара хизмати.