Президент раислигида маҳаллий саноат тармоғидаги ички имкониятларни сафарбар этиш орқали аҳолини ишли ва даромадли қилиш масалалари юзасидан видеоселектор йиғилиши бошланди.
Ҳозирда амалга оширилаётган йирик инвестиция лойиҳалари билан бирга тез фурсатда маҳаллада юзлаб иш ўрни ва экспортбоп маҳсулот яратадиган, юқори даромад келтирадиган кичик ва ўрта корхоналар кераклиги таъкидланди.
Бу борада энг катта захира маҳаллий саноат тармоқлари ҳисобланади. Шу муносабат билан учта муҳим соҳа – чарм, гилам ва пиллачилик саноатида ҳал қилиниши лозим бўлган муаммолар бор.
Йиғилишда айрим вазир ва ҳокимлар бу соҳа тадбиркорларини эшитмаётгани, тайёр имкониятлардан тўғри фойдалана олмаётгани кўрсатиб ўтилди.
Ўтган йили чармсаноатда ишлаб чиқариш ҳажми ўсиб, қарийб 3 триллион сўмга етди. Лекин, шуни ярми Андижон ва Фарғонага тўғри келади.
Республикадаги жами терининг 40 фоизини берадиган Қорақалпоғистон, Бухоро, Жиззах, Сурхондарё ва Хоразмнинг чармсаноатдаги улуши уларнинг имкониятига мос эмас.
Маҳсулотига бозор топиш, айланма маблағ масалалари сабабли айрим корхоналар ўтган йилни зарар билан якунлаган. Ўтган йили чармсаноат экспортида тайёр маҳсулот улуши атиги 30 фоиз бўлган.