Қозоғистон Транспорт вазири Марат Қорабоев Ўзбекистон Транспорт вазири Илҳом Маҳкамов билан учрашди. Унда ҳамкорликнинг асосий йўналишлари, халқаро транспорт коридорларини ривожлантириш, темир йўл ва автомобил транспорти, транспорт инфратузилмасини қуриш соҳаларида қўшма лойиҳаларни амалга ошириш масалалари муҳокама қилинди.
Қайд қилинишича, Дорбоза ва Мақтаарал ўртасида янги темир йўл линияси қурилиши давом этмоқда. Лойиҳанинг амалга оширилиши икки давлат ўртасидаги юк ташиш ҳажмини яна 10 миллион тоннага ошириш имконини бериши кутилмоқда. Шунингдек, автомобилларда экспорт-импорт юк ташиш ҳажми 6 фоизга ошиб, 1,8 миллион тоннани ташкил этган.
Шу билан бирга, Қозоғистон ва Ўзбекистон шаҳарлари ўртасида ҳафтасига 37 та рейс амалга оширилмоқда. Музокаралар чоғида рейслар сонини янада ошириш ва парвозлар географиясини кенгайтириш, Остона-Тошкент йўналиши бўйича рейслар сонини ҳафтасига 12 тадан 36 тага, Олмаота-Тошкент йўналиши бўйича ҳафтасига 20 тадан 36 та рейсга кўпайтириш, бошқа йўналишларда эса ҳафтасига 4 тагача рейсни оширишга келишувга эришилган.
«Термиз — Мозори-Шариф — Кобул — Пешовар» темир йўли қурилиши борасида Қозоғистон томони Ўзбекистонга кўмак беришга тайёрлигини маълум қилган. Учрашув якунларига кўра, томонлар Қозоғистон ва Ўзбекистон ўртасида 2024-2025 йилларда транспорт ва логистика соҳасидаги стратегик ҳамкорликни ривожлантириш бўйича «Йўл харитаси»ни имзолади.