АҚШда чўчқа буйраги кўчириб ўтказилган бемор вафот этди — ABC News

Дунёда биринчи бўлиб чўчқанинг генетик модификацияланган буйраги кўчириб ўтказилган эркак операциядан тахминан икки ой ўтиб вафот этди. Бу ҳақда Массачусетс касалхонасига таяниб, ABC News хабар берди.

Дунёда биринчи марта чўчқа буйраги кўчириб ўтказилган Массачусетслик эркак вафот этди… Касалхона Слайманнинг ўлими ҳақида унга трансплантация амалга оширилганидан икки ой ўтиб, шанба куни (11 май) эълон қилди, — дейилади хабарда.

Тиббиёт муассасасига кўра, эркакнинг операция туфайли вафот этгани ҳақида ҳеч қандай белгилар йўқ.

16 март куни Массачусетс касалхонасида дунёда биринчи бўлиб гени ўзгартирилган чўчқа буйрагини одамга кўчириб ўтказиш амалга оширилди. Ҳайвоннинг буйраги 69 та геномик ўзгаришларга учраган ва трансплантация операцияси 4 соат давом этган. Орган 62 ёшли буйрак касаллигига чалинган эркакка кўчириб ўтказилган. Операциядан икки ҳафта ўтиб, эркак касалхонадан чиққан.

Аввалроқ чўчқа юраги кўчириб ўтказилган беморнинг вафот этиши билан боғлиқ ҳолат кузатилганди. Жумладан, ўтган йили гени модификация қилинган чўчқа юраги кўчириб ўтказилган америкалик Лоуренс Фосетт экспериментал трансплантация операциясидан олти ҳафта ўтиб вафот этганди. Юрак касаллиги ва бошқа аввалдан мавжуд касалликлар туфайли эркак трансплантация учун инсон юрагини қабул қила олмаганди.

Шифокорларнинг таъкидлашича, аъзоларни рад этиш анъанавий инсон аъзолари трансплантациясидаги энг жиддий муаммо, ҳайвонлардан одамга трансплантация қилишда бу янада муҳим.